Севара Назархон "Голос" телелойиҳасида иштирок этди
У танлов ҳайъат аъзолари олқишига сазовор бўлди. 9 октябрь куни Россиянинг "Первый канал” телеканали орқали намойиш этилган "Голос” телелойиҳасида таниқли ўзбек хонандаси Севара Назархон ҳам иштирок этди. Россиянинг таниқли қўшиқчилари Дима Билан, Леонид Агутин, Александр Градский, Пелагеядан ташкил топган ҳайъат аъзолари қаршисида французча "Je T`aime" қўшиғини ижро этган Севара барчани лол қолдирди, дея хабар беради olam.uz сайти. Севаранинг ижоди билан таниш бўлган ҳайъат аъзолари ўзбек хонандасини жон деб ўз жамоасига қабул қилишга тайёр эканликларини билдиришган. Пелагея эса Севара ижодининг мухлисаси эканини яширмади ва Дима Биланга уяли телефонидаги хонанданинг қўшиқларини эшитишни таклиф қилди. Бироқ Севара Леонид Агутинни танлади ва у билан дуэт куйламоқчи бўлган Пелагеяни бироз "ранжитди". Видео: Севара Назархон "Je T`aime". "Голос” телелойиҳасида энг яхши овоз соҳиблари танлаб олинади ва шоунинг ҳайъат аъзолари бўлган Россиянинг машҳур мусиқа намоёндалари жамоаларига қабул қилинади. Лойиҳанинг ўзига хос томони шундаки, унда "юлдузлар" иштирокчиларни кўрмасдан туриб, фақат овозларига баҳо беришади. Барча овозлар тинглаб бўлингандан кейин тўртта жамоа шакллантирилади. Финалда эса жамоаларда ички танлов ўтказилади. Ушбу мусиқий дуэлларда ижрочилар битта қўшиқни куйлаган ҳолда, бир-бири билан мусобақалашади. Омади чопмаган хонанда лойиҳадан чиқиб кетади. Кейинги босқичда иштирокчилар бир-бири билан тўғридан-тўғри эфирда, томошабинлар гувоҳлигида кураш олиб боришади. Томошабинлар эса иштирокчиларни СМС овоз бериш орқали лойиҳадан чиқиб кетишига қаршилик кўрсатишлари мумкин. Охирида ҳайъат аъзоси битта ижрочи билан қолади ва ушбу иштирокчига "Мамлакатнинг энг яхши овози” номи ва бош мукофот топширилади.