Тошкент метросида йил бошидан буён 30 дан зиёд жиноят аниқланди
Йил бошидан буён Тошкент метрополитенини қўриқлаш бўйича бўлинма ходимлари томонидан талончилик, ўғирлик, фирибгарлик, ўзгалар мулкини талон-тарож қилиш, ҳужжатларни сохталаштириш каби ўттиздан ортиқ ножўя ҳолатлар аниқланган. Шунингдек, жиноят содир этиб, терговдан яшириниб юрган етти нафар шахс қўлга олинган.
Хусусан, "Мингўрик" бекатида 1-взвод ходими, сафдор А. Юлдашев метрога тушаётган бир фуқаро уни кўргач саросимага тушиб қолганини кўради. Унинг ҳаракатларидан шубҳаланган ходим ўзини таништириб, ҳужжатларини кўрсатишни сўрайди. Фуқаронинг шахси аниқланганда, у ўғирлик жинояти содир этиб, қидирувда бўлган С. Аҳмедов эканлиги ойдинлашди. Ушбу ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Миробод тумани ИИБга топширилди.
Метронинг "Олмазор" бекатида хизмат олиб бораётган 8-взвод ходими, сержант Х.Сатторов фуқаро С.Ғаффоровнинг ҳужжатларини текшириб, унга тегишли бўлган талабалик гувоҳномаси сохта эканлигини аниқлади.
Тошкент метрополитенини қўриқлаш бўйича ИИБ раҳбарияти шахсий таркибнинг касб маҳорати, жанговар тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратиб, бу борада ижтимоий-сиёсий ўқиш ва Маърифат дарслари савиясини юксалтириш орқали хизмат самарадорлигини ошириб бормоқда.
Метрополитен бекатлари ва унга тегишли бўлган ҳудудларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш борасида Тошкент метрополитенини қўриқлаш бўйича ИИБ ходимлари туну кун ҳушёрлик билан хизмат олиб боришмоқда. Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ППХ бригадаси, Қўриқлаш бошқармаси, ЙҲХБ ЙПХ бригадаси вакиллари билан ҳамкорликда иш кўришяпти.
Бўлим шахсий таркиби томонидан метрополитен объектлари ҳамда электропоезд вагонларининг ички жиҳозларига зарар етказилмаслиги тўлиқ назоратга олинган.
"Зиммамизга юклатилаётган вазифаларни кўнгилдагидек бажариб келаяпмиз, – дейди ИИБ ЖТСБ бошлиғи, капитан Аҳмаджон Фозилов. – Ходимларимиз режа бўйича ўтказилаётган "Тўсиқ", "Тозалаш – Антитеррор", "Арсенал" каби махсус профилактик тадбирларда ҳам иштирок этиб, кўпгина жиноятларнинг олдини олиш, содир бўлганлари фош этилишига ҳисса қўшишмоқда”.